“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси Туркия компанияларидан бири билан имзоланган битим доирасида ушбу мамлакатга умумий қиймати 49 млн. АҚШ долларилик 35 минг тонна қуритилган аччиқ қалампир етказиб беради.
Бу ҳақда холдинг бошқаруви раиси Тоҳиржон Жалилов маълум қилган.
Бундан олдин компания 45,9 млн. долларлик 40,3 минг тонна қалампирни Россия ва Хитойга етказиб беришга доир келишувга эришганди.
Эслатиб ўтамиз, холдинг томонидан Ҳиндистон, Индонезия ва Жанубий Кореядан 15,6 минг гектар майдонга экиш учун 15,6 минг тонна қалампир уруғи сотиб олинганди. Бир гектар майдондан 15-20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Бир килограмм қуритилган маҳсулот олиш учун 4-5 кг. сархил гармдори зарур бўлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон умумий қиймати 617,5 млн. долларга тенг 762,6 тонна сархил маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимиз 2018 йил тўққиз ойида ҳаммаси бўлиб 7,4 млн. долларлик қалампири хорижга сотган.
Т. Жалиловнинг айтишича, юртимиз гилос, ўрик, ловия каби етти турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи бешта давлат қаторида туради.