Ўзбекистонда фуқаролар айрим дорихоналарда спирт ўрнига лосьон сотилганидан шикоят қилди. Рақобат қўмитаси томонидан «Сирли мижоз» тадбири ўтказилиб, ҳодисага аниқлик киритилди.
Ўрганишларда 20 дан ортиқ дорихоналар қамраб олинди ва шундан тахминан 25% спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланди.
Қайд этилишича, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ва спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган. Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчиларга тўлиқ маълумот берилмагани уларни чалғитишга олиб келган.
Маълумот учун, 70% тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида яъни: инъекциялар олдидан терини ишлов бериш, асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, яраларни даволаш, жарроҳлик амалиётларида қўлланилади.
Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот ҳисобланади ва асосан: терини тозалаш ва ортиқча ёғланишни камайтириш, косметика қолдиқларини бартараф этишга мўлжалланган.
Шу боис, спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган натижани бермаслиги ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкинлиги таъкидланди.
Натижада, Рақобат қўмитаси томонидан амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари сифатида эътироф этилиб, дорихонага нисбатан тегишли иш қўзғатилишига олиб келиши ва бундай ҳолатларни олдини олиш чораларини кўриш ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат чиқарилди.