Бугун 3 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистонда автомобиллар импорти 30 фоизга ошди

Ўзбекистонда автомобиллар импорти 30 фоизга ошди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида айрим йирик товар гуруҳлари импорти сезиларли ўсди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, январь–август ойларида мамлакатга жами 34,5 миллиард долларлик товар ва хизмат импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,3 фоиз кўп.

Энг катта ўсишлардан бири рангли металлар импортида кузатилди. Уларнинг умумий қиймати 708,3 миллион долларга етиб, йиллик ҳисобда 75 фоизга ошган.

Автомобиллар импорти ҳам юқори суръатда ўсиб, 2,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизлик ўсиш дегани.

Электр машиналари, аппаратлар ва бошқа электр жиҳозларига сарфланган маблағ 1,8 миллиард долларга етган. Мазкур йўналишда импорт ҳажми қарийб 30 фоизга кўпайган.

Дон ва дон маҳсулотлари импорти 967,4 миллион долларга чиқиб, 58,9 фоиз ўсди.

Суюлтирилган газ — пропан импортида эса янада катта ўсиш қайд этилди. Саккиз ой давомида 124,3 миллион долларлик пропан олиб кирилган бўлиб, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 3,5 баробар кўп.

Умумий импорт таркибида машина ва транспорт ускуналари 32,6 фоиз билан энг катта улушни эгаллаган. Саноат товарлари ҳиссаси 14,7 фоиз, кимёвий маҳсулотларники эса 12,1 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон январь–август ойларида 160 дан ортиқ давлатдан товар ва хизматлар импорт қилган. Асосий етказиб берувчилар орасида Хитой 32,4 фоиз билан биринчи, Россия 17,4 фоиз билан иккинчи, Қозоғистон эса 7,9 фоиз билан учинчи ўринда қайд этилган.

Киритилди: Бугун 20:37. Ўқилди: 225 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!