Ўзбекистонда 9 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларининг 5,2 миллиард сўми талон–торож қилингани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов 18 октябрь куни ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, январь—сентябрь ойлари давомида бундай ҳолатлар ортидан 63 та жиноят иши қўзғатилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 1 минг 198 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 61 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 8 минг 573 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 366 нафар ишчи-хизматчиларнинг кечиктирилган 2,4 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилиши таъминланди.
Бевосита прокурорлар ташаббуси билан 631 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 9 минг 371 нафар ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди.
Ўзбекистонда 1 октябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 155 000 сўм этиб белгиланди. Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия – 834 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори эса – 920 минг сўм.