Маълумки, Марказий Осиё ва Хитой муносабатлари илдизи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўймоқда.
Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизлик, юқори технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
Яқин йиллар ичида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари натижасида барча даражадаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Бугунги кунда Хитой Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутиб, у мамлакатимизнинг стратегик шерикларидан бири ва энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда савдо-иқтисодий соҳада динамик ўсиш барча жабҳаларда намоён бўлмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳатто, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2023 йилда салкам 14 млрд. долларга етиб рекорд натижани ташкил этгани эътирофга лойиқ.
Албатта, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг изчил ривожланишида олий даражадаги давлат ташрифларининг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ташрифлар ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гарчанд, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқалар мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида бошланган бўлса-да, 2017 йил 12 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ушбу мамлакат билан ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.
Ушбу ташриф натижасида икки давлат ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарила бошлади. 2017-2024 йиллар оралиғида Ўзбекистон Президенти бир неча бор давлат ташрифини амалга оширди ва бир қанча халқаро тадбирлар доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси билан самарали мулоқотлари бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 23-25 январь кунлари давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтарди, деб бемалол айта оламиз.
Ташриф давомида ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим музокаралар ўтказилди ва салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Шу билан бирга, ишбилармонлик тадбирлари давомида Хитойнинг йирик ва дунёга машҳур бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бу албатта, мамлакатимиз иқтисодиётига хитой инвесторларини кенг жалб қилиш ва улар орқали ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлди.
Юқорида таъкидланганидек, ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етган. Келгусида бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдони йўлга қўйиш тўғрисида янги ҳукуматлараро битим тузиш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини
20 миллиард долларга етказиш мумкин.
Охирги йилларда Хитойнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритаётган инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробарга ошди.
Қайд этиш жоизки, икки мамлакат ўртасида таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашиб бормоқда. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Ҳатто, Президентимиз ташрифи чоғида Хитой пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилаётгани ушбу мамлакат билан маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, икки давлатнинг Парламентлараро ҳамкорлиги ҳам фаоллашди. Айниқса, охирги йилларда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойнинг олиб бораётган сиёсати Ўзбекистон сиёсати билан ҳамоҳанглиги ҳамда кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари, минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ташаббуслари эътиборга моликдир.
Ишончим комилки, давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи келгусида ҳар икки мамлакат равнақи, тинчлик ва фаровонлик ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди.