Қозоғистон билан маҳсулот айирбошлаш кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томони тўртта қўшимча савдо йўлаги очишни режалаштирмоқда.
Мазкур ташаббусни республикамизнинг ушбу қўшни давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Иброҳимов Жетису вилояти тадбиркорлари билан учрашув чоғида маълум қилди.
Дипломатик миссиямиз раҳбари Ўзбекистон томони илгари сураётган, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқани ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, айни дам давлат чегараси назорат-ўтказиш манзилларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. Зеро, бундай чора-тадбирлар товар айланмаси ўсишига бевосита ҳисса қўшади.
Ҳозир юртимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Таъкидлаш жоиз, икки давлат иқтисодий муносабатлари минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнига ҳам бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
Ўтган йил Қозоғистон ва Ўзбекистон жами 4,2 миллиард долларлик товар ва хизмат айирбошлаган. Ҳисобот даврида диёримиздан қардош элга 1,4 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинган.