Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мода технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш истиқболларини ўрганмоқда

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мода технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш истиқболларини ўрганмоқда

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ходимлари Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлиги қошидаги Мода технологиялари миллий институти (ҲМТМИ) директори Агендра Мукул билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳинд олий таълим муассасаси вакили ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тўқимачилик саноати учун замонавий кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хусусан, бу йўналишда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига институт раҳбарияти катта қизиқиш билан муносабат билдираётганини қайд этди. Хусусан, ҲМТМИ томонидан Ўзбекистонда қўшма факультет очиш бўйича тадқиқотлар якунланаётгани, бу мазкур институтнинг чет элдаги биринчи лойиҳаси бўлишини таъкидлади.

Эътиборлиси, ҲМТМИ шу кунгача фақат маҳаллий бозор учун кадрлар тайёрлаш бўйича фаолият юритиб келмоқда. Бироқ Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик учун яратилаётган қулай имкониятлар ушбу таълим масканини мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишга ундамоқда.

Хусусан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти (ТТЕСИ) ва ҲМТМИ вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, тармоқ учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ўқув жараёнига инновацион таълим технологияларини тадбиқ этиш, “ноу-хау”лар бўйича тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастурларини амалга ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ҳиндистон Мода технологиялари миллий институти 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, ушбу йўналишдаги етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институт мамлакат тўқимачилик ва тикувчилик саноатини профессионал кадрлар билан таъминлашда етакчи мавқега эга. Бангалор, Мумбай, Ченнай, Ҳайдаробод, Калькутта, Шринагар ва бошқа йирик шаҳарларда 20 га яқин ўқув кампуслари фаолият юритади. ҲМТМИ сўнгги йилларда, шунингдек, ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Киритилди: 09:54 26.05.2023. Ўқилди: 1170 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!