Ўзбекистонда I тариф гуруҳига кирувчи йирик истеъмолчилар учун электр энергиясини ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади. Янги тартибга кўра, соат 09:00 дан 17:00 гача электр энергияси базавий тарифдан 1,5 баравар камайтирилган коэффициент асосида ҳисобланади.
Амалдаги базавий тариф 1 кВт соат учун 1 100 сўм бўлса, ярим тиғиз даврда истеъмолчилар электр энергияси учун 733 сўмдан тўлайди. Соат 22:00 дан 06:00 гача эса базавий тариф амал қилади.
Янги тартиб йирик истеъмолчиларнинг электр энергиясини кундузги вақтда кўпроқ ишлатишини рағбатлантиришга қаратилган. Бу даврда қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми юқори бўлиши қайд этилган.
Кечки ва тунги вақтларда қуёш генерацияси камайгани сабабли электр таъминотида иссиқлик электр станцияларининг улуши ортади ва табиий газ сарфи кўпаяди. Кундузги истеъмолни ошириш орқали эса мавжуд қайта тикланувчи энергиядан самаралироқ фойдаланиш ва табиий газни тежаш имконияти яратилади.
Қайд этилишича, янги тартиб тадбиркорлик субъектларига кундузги вақтда электр энергиясидан қулайроқ шартларда фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча имконият беради.
I тариф гуруҳига асосий ва захира электр таъминотига уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган йирик истеъмолчилар киради.