Бугун 15 май, 2026 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон туризмида янги босқич: 2030 йилгача 20 миллион сайёҳ ва 6 миллиард долларлик экспорт мақсад қилинмоқда

Ўзбекистон туризмида янги босқич: 2030 йилгача 20 миллион сайёҳ ва 6 миллиард долларлик экспорт мақсад қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сонли қарорига мувофиқ Туризм қўмитаси фаолияти ташкил этилди ҳамда 2030 йилгача соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Мазкур мақсадлар қаторида туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хорижий туристлар сонини 20 миллион нафарга олиб чиқиш ва туризм хизматлари экспортини 6 миллиард АҚШ долларидан ошириш вазифалари белгиланган.

Жорий йил 15 январь куни Президентга туризм соҳасида амалга ошириладиган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди. Шу асосда республика ишчи гуруҳлари ҳудудларга чиқиб, 1500 дан ортиқ тадбиркор билан учрашув ўтказди. Кўтарилган 200 дан зиёд таклиф ва муаммоларнинг асосий қисми 2026 йил 30 апрелдаги ПҚ-161-сонли қарорга киритилди.

Қарорга мувофиқ, 2026–2027 йилларда туризм ва унга ёндош соҳаларда 40 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, туризмни лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, “жозибадор манзил – лойиҳа – инфратузилма – тадбиркор – тарғибот – сайёҳ” занжири асосида ишлаш механизми жорий этилади.

Бу доирада 34 та йирик туризм объекти учун мастер-режалар ишлаб чиқилади ва 31 та янги туризм маскани ташкил этилади. Қорақалпоғистондаги “Қипчоқ балиқчилар овули” лойиҳаси шулар жумласидан.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун жорий йилда 950 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бу маблағлар йўлларни таъмирлаш, электр ва сув тармоқларини тортиш, соҳиллар ва жамоат жойларини ободонлаштиришга сарфланади.

Шу билан бирга, жойлаштириш воситалари сони 8250 тага, хоналар сони эса 95 мингтага етказилади. Меҳмонхоналар сони 1380 тагача оширилиши режалаштирилган.

Туризм қўмитаси ҳузурида “Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” ташкил қилиниб, зиёрат, экологик, гастрономик, тиббий, спорт ва MICE туризми каби йўналишлар ривожлантирилади.

Шунингдек, маҳаллий ва хорижий туроператорларни қўллаб-қувватлаш учун компенсация механизмлари жорий этилади. Туристлар фикрини ўрганиш мақсадида йилига икки марта танланма кузатувлар ўтказилади.

Миллий туризм ягона платформаси — sayohat.uz орқали меҳмонхона, гид, ресторан, транспорт ва бошқа хизматлар рейтинги шакллантирилади.

2026 йил 1 декабрдан бошлаб гидлар учун сертификатлаш ва малака баҳолаш тизими жорий этилади. Экскурсия хизматлари бўйича ягона тасдиқланган матнлар ҳам ишлаб чиқилади.

Сўнгги тўрт ойда Ўзбекистонга 4 миллион нафар хорижий турист ташриф буюрди, бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир. Туризм хизматлари экспорти эса 1,6 миллиард долларга етди.

Хитойдан келган сайёҳлар сони 3,5 баробарга, Малайзиядан 2,2 баробарга, Япониядан 1,6 баробарга ошган. Шунингдек, АҚШ, Франция, Британия, Испания, Туркия ва Германиядан келувчилар сони ҳам ўсган.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти “The Washington Post”, “The Telegraph” ва “Condé Nast Traveler” каби нуфузли халқаро нашрлар томонидан 2026 йилнинг истиқболли йўналишлари қаторига киритилди.

Киритилди: Бугун 19:06. Ўқилди: 214 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!