Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Тошкентда ўтадиган FIFA Сериэс мусобақаси олдидан жамоа штабидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Италиялик мутахассис ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жамоага уч нафар тажрибали мутахассис қўшилганини тасдиқлади.
Янги штаб аъзолари:
Паоло Каннаваро — Фабионинг укаси, Дубайдаги йиғиндан буён ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритмоқда.
Симоне Сижилло — жамоанинг жисмоний ҳолати ва тикланиш жараёнларига масъул физиотерапевт.
Энрико Кастеллаччи — профессор, 2006-йили Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган тажрибали шифокор.
“Табассум, меҳнат ва иштиёқ. Биз FIFA Series мусобақасини ва илк Жаҳон чемпионатимиз тобора яқинлашиб келаётганини ҳис қилган ҳолда, Тошкентда иш бошлаймиз”, дея ёзиб қолдирган Каннаваро.
Маълумот учун, Ўзбекистон, Габон, Тринидад ва Тобаго ҳамда Венесуэла терма жамоалари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган FIFA Series халқаро ўртоқлик турнирида иштирок этади. Фабио Каннаваро жамоаси илк учрашувни 27 март куни Габонга қарши ўтказса, 30 март санасида Венесуэла билан учрашади. Ҳар икки беллашув ҳам Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.