Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон Президенти туризм ва маданий меросни асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни таклиф этди

Ўзбекистон Президенти туризм ва маданий меросни асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг Истанбулдаги саммитида сўзга чиқиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни тақдим этди. Бунда давлатимиз раҳбари туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маданий меросни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» туристик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, шунингдек маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш соҳаларида ҳамкорлик йўналишларини қамраб олган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуслари пандемия даврида юзага келган мазкур соҳадаги муаммолар фонида айниқса долзарб саналади. Туризм ва маданий меросни асраб-авайлаш соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туркий мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида кўплаб тадбирлар ташкил қилинди ва улардан бири туризм масалалари вазирларининг 6-йиғилиши Қўқонда бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида иштирокчилар зиёрат туризми, ҳунармандчилик, экотуризм ва гастрономик туризм каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, ислом маданияти ва бошқа динларга тегишли муқаддас масканлари мавжуд бўлган туркий мамлакатларда зиёрат туризми катта салоҳиятга эга. Муқаддас қадамжолар ва мақбаралар Туркий давлатлар ташкилоти ҳудудида туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий каби мусулмон оламининг машҳур олимлари яшаб ижод қилганлар.

Шу муносабат билан, кўрсатилаётган туристик хизматлар сифатини ошириш ва зиёратчи-сайёҳлар учун қулай муҳитни шакллантириш борасида қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

Бундан ташқари, туркий дунёнинг анъанавий ва замонавий маданиятлари билан танишиш Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари сайёҳлари орасида алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу йўналишдаги самарали стратегиянинг асосий таркибий қисми янгича инновацион ғоялар, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва қайта тиклаш бўйича ташаббуси ўзаро билим, анъана ва тажрибадан биргаликда фойдаланишга қаратилган. Ўзбекистон туркий дунё маданий меросини асраб-авайлаш тарафдори саналади ва Туркий давлатлар ташкилотини ушбу соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ўзига хос платформа сифатида кўради. Бунда алоҳида эътибор маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва уларни самарали бошқариш механизмларини жорий этишга қаратилмоқда. Бу йўналишдаги дастлабки қадам сифатида Ўзбекистон Ташкилот аъзоларининг маданий мерос объектларининг онлайн-платформаси ва рақамлаштирилган нусхаларини яратишни таклиф қилди.

Туризм соҳаси «COVID-19» пандемиясидан анчагина зарар кўрганлиги сабабли ушбу соҳани янада ривожлантириш хавф ва харажатларнинг ошиши шароитида амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва маданий меросни асраб-авайлашни Туркий давлатлар ташкилотининг гуманитар йўналишдаги ҳамкорлигининг марказий соҳаларига айлантириш бугунги давр талабидир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти томонидан туркий мамлакатлар раҳбарларининг Истанбулдаги жорий саммитида билдирилган ташаббуслари туризм ва маданий меросни асраб-авайлаш соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда муҳим платформага айланди деб ишонч билан қайд этиш мумкин.

Сарвар Камолов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими

Киритилди: 10:12 13.11.2021. Ўқилди: 2240 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!