Шавкат Мирзиёев Покистондаги кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари муносабати билан президент Асиф Али Зардарий ва бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади.
"Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади", — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабарида.
Покистон ва Покистон назоратидаги Кашмирда кучли муссон тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 307 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, яна ўнлаб инсонлар бедарак йўқолган, деб ёзди BBC.
Ўлим ҳолатларининг аксарияти Покистон шимоли-ғарбидаги тоғли Хайбер-Пахтунхва провинсиясида қайд этилган. Синоптикларнинг айтишича, 21 августгача табиий офат зоналари деб эълон қилинган шимоли-ғарбда ҳали кучли ёмғирлар ёғиши кутилмоқда.