Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозовни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва илиқ тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги алоқалар фаол экани, товар айирбошлаш барқарор ўсаётгани ва энергетика соҳасида муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Нефть ва газ соҳаси, геология-қидирув ишлари, “яшил” энергияни ривожлантириш ҳамда кимё саноатида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.