Бугун 19 октябрь, 2019 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон МТЖ Яманни ер тишлатди: 5:0

Ўзбекистон МТЖ Яманни ер тишлатди: 5:0

Ниҳоят, биз кутган ғалаба келди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида ўз майдонида Яманни йирик ҳисобда енгди.

КУТМАГАНДИМ, ОЧИҒИ…

Тан олиб айтаман, йирик ҳисобдаги ғалабани истаган бўлсам-да, Фаластинга қарши нурсиз ўйиндан кейин футболчиларимизнинг бу қадар ўйин кўрсатишига, аниқроғи, 5:0 ҳисобида зафар қучишига ишонқирамаган эдим, кўпи билан 3:0 ни кутгандим. Аммо хайриятки, рақиб дарвозасига жавобсиз 5 та гол уришни уддаладик.

НИМАЛАР ЎЗГАРДИ?

Биринчи ўринда, мураббийнинг ўзгаргани таъсир кўрсатди. Футболчиларнинг «Купер даври»дан кейин «ўзбекона мураббий»ни соғинганликлари сезилди. Абрамов ўзбек футболига бегона бўлмагани, футболчилар ҳам унинг нималарга қодир эканликларини билишгани, унга ишонишгани қўл келди. Бордию Купернинг ўрнига чет элдан бошқа мутахассис келганида ҳам бундай натижа қайд этилмасди. Абрамов ўзбек футболидаги «ўлик жонлар»ни тирилтиришга бел боғлаган. Бугун у дастлабки муаолажани муваффақиятли якунлади.

ТАРКИБ

Таркиб нисбатан оптималь. Нисбатан деганимизнинг сабаби, терма жамоа таркибида ҳали формага кириб улгурмаган футболчиларнинг борлиги сезилди. Масалан, Жалолиддин Машарипов. Дриблинг борасида мақтана олса-да, бугун ҳали самарали ўйнашга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Ҳимояда ҳам хатолар сезилди. Рақиб футболчилари бизникиларни якка курашларда ортда қолдирган вазиятлар ҳам бўлди. Аммо жамоавий футбол якуний натижа ижобий бўлишини таъминлади.

ТЕЗКОР ГОЛ

Тезкор гол том маънода ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Олдинги мақолада айтгандим, Яман қарши ҳужум тактикасига таяниб ўйнайди. Рақибнинг режаси иккинчи рақам остида ўйнаш, ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳамда қарши ҳужумга ўтиб гол уриш, шу орқали камида дурангга эришиш эди. Аммо дастлабки дақиқаларда урилган тезкор гол ҳаммасини чиппакка чиқарди. Яман терма жамоасининг режаси барбод бўлди, улар ҳужумга ўтишга мажбур бўлишди ва оқибатда бир нечта голлар ўтказиб юборишди.

СОВУҚҚОНЛИК

Вадим Абрамов совуққон, таваккалчи мураббий. Унинг ана шу жиҳати ўйинга ҳам кўчди. Деярли ҳамма голда футболчиларимизнинг совуққонлиги муҳим ўрин тутди. Биринчи голда Искандеров ҳамда Ҳамдамовнинг совуққонлиги, иккинчи голда Элдорнинг хотиржам ҳаракати, учинчи голда Искандеровнинг кутилмаган зарбаси, тўртинчи голда Тўхтахўжаевнинг ноодатий зарбаси ва бешинчи голда яна Ҳамдамовнинг қатъияти. Хуллас, Абрамовдаги хусусиятлар бевосита ўйинга кўчди ва якуний натижани ўзингиз кўрдигиз.

ҚУВОНИШГА БИРОЗ ЭРТА

Ҳа, қувонишга бироз эрта. Унутманг, Самвел Бабаян ҳам дастлаб кетма-кет ғалабаларга эришганди. Купер ҳам бошида ёмон ишламаганди. Аммо ҳар иккала ҳолатда ҳам якун шармандали бўлди. Умид қиламизки, Вадим Карлеоневич билан бундай ҳолат юз берди. Биз Абрамовнинг асл кучини бу босқичда эмас, ҳал қилувчи кейинги босқичда кўрамиз.

Ғалабалар давомий бўлсин!

 

Киритилди: 19:12 10.10.2019. Ўқилди: 908 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!