Ҳозирда Тошкент шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси режасига кўра, навбатдаги тайёргарлик босқичида қизиқарли баҳс ташкил этилади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг маълум қилишича, 22 май куни пойтахтдаги “Бунёдкор“ стадионида миллий терма жамоа аъзолари икки таркибга бўлинган ҳолда ўзаро ўйин ўтказишади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур назорат баҳси ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки мухлислар иштирокида ўтиши кутилмоқда. Бу эса ишқибозлар учун терма жамоанинг ҳозирги ҳолати ва янги жалб этилган футболчиларнинг имкониятларини яқиндан кузатиш учун яхши имконият бўлиши мумкин.