Бугунги кунда инсоният тўқнаш келаётган энг катта муаммолардан бири – ҳеч шубҳасиз, экологик муаммолардир. Бу мавзу сўнгги вақтларда нафақат олим-у-экспертлар, балки сиёсатчилар томонидан ҳам инсоният келажагига ҳалокатли хавф соладиган муаммолардан бири сифатида таъкидланмоқда.
Шу маънода айтганда, Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси Aбдушукур Ҳaмзаев ўзининг сайловолди дастурида ушбу муаммоларга алоҳида эътибор қаратаётгани, келажакда инсоният яшаб қолишининг энг асосий шарти – бу соф экология ва атроф-муҳит ҳимояси эканини таъкидлаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Партия етакчисининг сайловолди дастурида кескин экологик муаммоларнинг асосий ечими сифатида Яшил иқтисодиётга ўтиш мавзусига кенг ўрин берилган. Аниқроқ айтганда, номзод ўз дастурида экологик барқарор муҳит ва самарали “Яшил иқтисодиёт” сиёсатини ҳаётга жорий этиш туфайли Ўзбекистонда барқарор ва доимий ўсиб борадиган иқтисодиётни шакллантиришни таклиф этмоқда. Бу айнан бугунги куннинг асосий талаби эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган муҳим масалалардан яна бири атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаш;
- атроф табиий муҳит объектларидан оқилона фойдаланиш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш;
- иқтисодий фаолиятнинг атроф муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирини пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш;
- иқтисодиётнинг барча соҳаларини “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритишдир.
Албатта, бу вазифаларнинг ҳал этилиши Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлиги ва келгуси авлод учун экологик барқарор вазиятни асраб қолиш, мусаффо экологик муҳит яратишда ўта муҳим ўрин тутади.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда дунёнинг энг тараққий этган қудратли давлатлари ҳам иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим йўналиши бу – “Яшил иқтисодиёт” эканини эътироф этишмоқда. Хусусан БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларида ҳам ушбу мавзу алоҳида ўрин эгаллагани, бутун дунё халқлари ушбу ғоя атрофида бирлашаётгани – унинг нақадар долзарб эканини яққол кўрсатади.
Ўзбекистон Экологик партиясининг номзоди илгари сураётган ушбу мавзу ҳам айнан ушбу сиёсатнинг муҳим бир йўналиши, десак муболаға бўлмайди. Номзод томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ғоя – мамлакатдаги бизнесни яшил технологияларга йўналтириш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда атроф-муҳитга зарар етказувчи ташкилотлар учун тўловларни кескин оширишни назарда тутувчи “Яшил солиққа тортиш” тизимини жорий этишдир. Бу йўналиш ҳам моҳият-эътибори билан ўта долзарб саналади. Чунки бугунги кун тадбиркори, нафақат аҳолини иш билан таъминлайдиган, мамлакатнинг ижтимоий сиёсатига кўмакчи бўладиган, балки она табиатимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, уни асраб-авайлайдиган экологик маданиятли шахс бўлмоғи лозим. Номзоднинг ушбу ғояси ва ташаббуси тадбиркорлар олдига улуғвор мақсад, шунингдек, таъбир жоиз бўлса, талаб ва таклифларни қўяди.
Номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган яна бир муҳим ташаббуси бу ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқишдан иборатдир. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг нафақат экология ва атроф-муҳит борасидаги сиёсати такомиллашувига, балки унинг бутун дунёда обрў ва нуфузи ошишига хизмат қилишини алоҳида қайд этиш лозим.
Бектош Бердиев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти,