Бугун 9 февраль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон дзюдо мактаби — дунёнинг энг яхши мактаби сифатида эътироф этилди!

Ўзбекистон дзюдо мактаби — дунёнинг энг яхши мактаби сифатида эътироф этилди!

IJF Awards 2025 да эришилган тарихий ғалаба!

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилган эътибор, ёшларимизнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда спорт билан фаол тарзда шуғулланишлари халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

Париж шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли IJF Judo Awards маросимида Ўзбекистон Дзюдо федерацияси лойиҳаси «Judo for Children Project of the Year» — «Йилнинг энг яхши болалар лойиҳаси» номинациясида расман ғолиб деб топилди!

Бу шунчаки мукофот эмас — бу келажак чемпионларини тарбиялаш йўлидаги улкан меҳнат ва тизимли ёндашувнинг эътирофидир.

Мукофотни саҳнада олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова қабул қилиб олди. Тантанали маросимда Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигидаги расмий делегация ҳам иштирок этди.

Диёра Келдиёровнинг Париждаги тарихий ғалабаси бугун давлат миқёсидаги спорт тизими учун мустаҳкам пойдеворга айланди.

Республикамиз бўйлаб ўнлаб янги дзюдо заллари очилди, жумладан Тошкент шаҳридаги 17-мактабда Диёра номидаги дзюдо «DoJo»си ҳам фаолият бошлади. Шахсий ютуқ — миллий ривожланиш дастурига айланди.

IJF томонидан эътироф этилган «Мактабларда дзюдо» дастури нафақат пойтахтда, балки республиканинг барча ҳудудларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон спортни таълим тизимига самарали интеграция қилиш бўйича халқаро ҳамжамиятга намуна кўрсатди.

Лойиҳа қизларни дзюдога фаол жалб этиш борасида ҳам энг юқори баҳога сазовор бўлди. Яратилган шароитлар ва Диёра Келдиёровнинг шахсий намунаси туфайли ёш дзюдочи қизлар сони бир неча баробар ошди. Бу эса Халқаро дзюдо федерацияси эътирофининг муҳим омилига айланди.

Ушбу ғалаба Ўзбекистоннинг оммавий дзюдони ривожлантиришдаги жаҳон етакчиси эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Киритилди: Бугун 09:06. Ўқилди: 204 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!