Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Президенти Администрацияси сектор мудири Миравзал Миракулов бошчилигидаги делегациянинг Швецияга ташрифи уюштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Сафар давомида Стокгольм шаҳри депутатлар кенгаши раҳбари Олле Бурелл, Маҳаллий демократия бўйича Халқаро швед маркази бош котиби Йохан Лили, Швеция парламенти аъзолари Мартин Брозек ва Эдвин Хиллесой, Маҳаллий ҳокимият ва минтақалар ассоциацияси (SALAR) катта маслаҳатчиси Магнус Лильестрем, Халқаро алоқалар институти ва Мудофаа институти экспертлари Йохан Энгвалл ва Микаэл Вайсманн билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан маҳаллий давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича режалар ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Мамлакатимиз вакиллари Швециянинг маҳаллий депутатлар кенгаши ва ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича тажрибаси билан танишди. Томонлар Ўзбекистон шароитида Швециянинг ушбу жабҳадаги тажрибасини тадбиқ қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ташриф якунида швед томони билан ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.