Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
– “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эртанги тараққиётимизга муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади, - деди қўмита раиси Ш.Бафоев. – Зеро, унда барча йўналишдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, фуқаролик жамияти институтларини, маҳаллаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш жараёнларининг ошкоралигини таъминлашга эътибор қаратилган.
2024 йил 1 январдан бошлаб барча шаҳар ва туманларда босқичма -босқич “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 10 триллион сўм йўналтирилади. Маҳалла жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантирилади.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар стратегияда ўз аксини топган қатор мақсад ва вазифалар хусусида тўхталди. Қайд этилганидек, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет”га ажратиладиган маблағлар 3 баробарга оширилади. Маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Ҳар бир маҳаллада давлат хизматларини кўрсатиш бўйича “электрон хизмат нуқталари” ишга туширилади.
Давра суҳбатида стратегиянинг ижросини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.