Бугун 30 июнь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбек адибига Қирғизистоннинг фахрий унвони берилди

Ўзбек адибига Қирғизистоннинг фахрий унвони берилди

Таниқли ёзувчи, жамоат арбоби Бегижон Аҳмедов Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров фармони билан “Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби” унвонига сазовор бўлди.

Ушбу юксак давлат мукофотини Б.Аҳмедовга Президент номидан “Ала-Арча” қароргоҳида Халқ Ассамблеяси таъсис этилганининг 30 йиллига бағишланган маросимда Давлат котиби Суйунбек Касмамбетов тантанали равишда топширди.

Икки мамлакат Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, тарихчи олим Бегижон Аҳмедовнинг номи ва ижоди нафақат Қирғизистонда, балки Ўзбекистон ва бошқа ҳорижий давлатларда ҳам маълум. Унинг асарлари дунёнинг ўндан ортиқ тилига таржима қилинган. “Сайёҳ” романи Қирғизистонда “2020 йилнинг энг яхши китоби” сифатида расман эътироф этилган. Юртимизда бу машҳур асарга ўндан ортиқ тақриз ёзилган, муносабат билдирилган мақолалар чоп этилган. Китоб тақдимоти Европа Иттифоқи маркази – Брюссель шаҳрида, Нью-Йорк, Атланта, Орландо, Лондон, Тошкент, Бишкек, Новосибирск, Андижон, Ўш ва бошқа шаҳарларда ўтказилган.

Таниқли ёзувчи “Руҳий бангилик” ҳужжатли фильми ва “Жалолиддин Румий” пьесаси муаллифи ҳисобланади.

Фаол жамоат арбоби сифатида тарихнавис адиб, таржимон Бегижон Аҳмедов Қирғизистон – Ўзбекистон дўстлик жамияти ижрочи директори, Халқаро Бобур жамғармаси Қирғизистон бўлими раҳбари, Чингиз Айтматов номли Халқаро Иссиқ-Кўл Форуми президенти маслаҳатчиси сифатида кенг қамровли иш олиб бормоқда. Сермаҳсул ижодкор, тадқиқотчи Б.Аҳмедовга Халқаро Кувайт университети ҳамда Бобур номидаги Андижон давлат университети фахрий профессори, Халқаро Чингиз Айтматов академияси академиги каби унвонлар берилган.

Бир неча халқаро адабий мукофотлардан ташқари ўзбек адиби Қирғизистон давлат мукофоти – “Данк” (“Шуҳрат”) медали, “Қирғиз Республикаси Фахрий ёрлиғи”, Ўзбекистоннинг “Халқлар дўстлиги” ва “Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги”, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази “Халқ дипломати” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Киритилди: 09:43 28.06.2024. Ўқилди: 1950 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!