Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги қарори билан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарор билан, ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун субсидияларни тўлаб беришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ҳамда тижорат банклари томонидан фуқароларга ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш тартиби белгиланди. Шунингдек, субсидиялар тўлаб бериладиган фуқароларни танлаб олиш мезонлари такомиллаштирилди.
Бундан буён аризаларни кўриб чиқиш фақатгина subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими орқали амалга оширилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда аризалар автоматик равишда унга йўналтирилса, давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилинганда марказ ходимлари бир соат ичида уларни тизимга киритиши зарур бўлади.
Аввалги тартибда ариза берувчининг тақдим этилган аризаси асосида ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, тиббиёт бирлашмалари, молия бўлимлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлимлари масъул бўлишган бўлса, эндиликда мазкур функциялар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади. Натижада кўриб чиқиш жараёни тезлаштирилади.
Баҳолашда ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри)нинг даромадлари билан бир қаторда энди кафиллик қилувчиларнинг яқин қариндошлари даромадлари ҳам ҳисобга олинади.
Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12% дан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади.