Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов раислигида фуқаролар қабули бўлиб ўтмоқда.
ЎзАда ёзилишича, Ўрикзор маҳалласида яшовчи фуқаро Юнус ака Турсуналиев Ҳаж зиёратига бориш масаласида мурожаат қилди. Унинг айтишича, бир неча йилдан буён мақсадига эришолмаётган экан.
Юнус аканинг сўзларига кўра, ҳар йили мазкур рўйхатда маҳалла фуқаролар йиғинида сурати билан турган. Аммо ўрин қисқариб, Юнус ака қолиб кетаверган.
“Маҳалладошларнинг “имтиҳондан ўтолмадингизми”, дейишлари соғлигимга ҳам, қолаверса, обрўйимга ҳам салбий таъсир қиляпти”, деди Юнус ака.
Ш.Турдиқулов бу йил бунинг имкони йўқлигини айтиб, кейинги йилда ушбу масалада ёрдам беришини, бу масалага мутасаддиларнинг адолатли ёндашишларига ваъда берди.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, биргина Ўрикзор маҳалласининг ўзида 900 нафар одам Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда туришибди. Ваҳоланки шаҳар бўйича Ҳажга бориш учун 900 та ўрин ажратилган.
Энг кўп Ҳажга борувчилар рўйхатида Учтепа, Олмазор, Шайхонтоҳур туманлари қайд этилди.