Жиноятчи аёл 2017 йилнинг 24 ноябри айни туш чоғи Урганч туманидаги яна бир мактаб ҳовлисида пайдо бўлиб, 1-синф ўқувчиси Г. Бахтиёровани тўхтатиб, ўзини онасининг дугонаси қилиб кўрсатади. Сўнгра «дугонаси»нинг илтимосига кўра, қизалоғининг қулоқларидаги зиракларни онасига элтиб бериш зарурлигини айтади. Унга ишонган Г. Бахтиёрова нархи 1 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини қулоғидан ечиб, нотаниш аёлнинг қўлига тутқазади.
12 декабрь куни бу қилмишларга чек қўйилди. Ўша куни вилоят марказидаги 1-сонли мактабга яна келган аёл жиноий қилмиш устида қўлга тушди.
Тергов тадбирларида Урганч шаҳри ва шу ном билан аталувчи туманнинг бир қатор илм масканларида ўтган йил куз чоғи рўй берган давомли жиноий ҳаракатлар Хуршида Бобоева томонидан содир қилингани маълум бўлди. Бир қатор тизимли жиноий хатти-ҳаракатларни содир этган бу аёл икки нафар фарзанднинг онаси, муқаддам судланмаган.
Суд жиноий қилмиш Жиноят кодексининг ўғирликка тааллуқли 169-моддаси 3-қисми «а» бандида баён этилган ҳолатлар бўйича амалга оширилганига эътибор қаратди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда, ушбу жиноят учун тайинланиши зарур бўлган узоқ йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳам сезиларли равишда камайтирилди.
Жабрланувчиларга етказилган бир неча миллион сўмлик мулкий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам унинг зиммасига юклатилди. Ашёвий далил деб қаралган айрим мол-мулклар, жабрланувчиларнинг муқаддам талон-тарож қилинган кийим ва пойабзаллари, бир жуфт зирак Х. Бобоева томонидан эгаларига қайтариб берилгани инобатга олинди.