Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, вилоят «Чорванасл» марказининг Урганч тумани етакчи мутахассиси Т.М. фуқаро Н.нинг фермер хўжалигига тегишли 50 гектар ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариб олиб, кейинчалик унинг номига янги фермер хўжалиги ташкил этиб, ушбу ер майдонини қайта расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг доллар талаб қилиб, шундан 60 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Т.М.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, Урганч тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Р.А. фуқаро Н. номига фермер хўжалиги ташкил қилиш ва ер майдони ажратиб бериш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ўз хонадонида мутахассис Т.М.дан 43 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар олиб борилмоқда.