Бугун 20 сентябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Урганч давлат университетига нисбатан иш қўзғатилди

Урганч давлат университетига нисбатан иш қўзғатилди

Давлат харидларида қонун бузилишига йўл қўйган Урганча давлат университетига нисбатан тегишли чора кўрилди, деб хабар берди Рақобат қўмитаси.

Маълум бўлишича, қўмитанинг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси Урганч давлат университети томонидан давлат хусусий шерикчилиги асосида қурилиши керак бўлган 7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси бўйича бошланғич нархи 29,7 млрд сўм бўлган тендер савдоси юзасидан ўрганиш ишларини ўтказган. Ўрганиш ишлари Хоразм вилояти прокуратурасининг топшириғига асосан амалга оширилган.

Аниқланишича, университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига тақдим қилинган анкетада объектни соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифасига кўра II тоифа қилиб кўрсатилган.

Аслида эса 9 қаватгача бўлган олий таълим муассасалари III тоифа сифатида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозимдир. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 496-сонли қарорига асосланади.

Гап шундаки, агар ҳудудда қурилаётган объект II тоифага кирса, бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг тендерда иштирок этиши чекланиб қолади.

Шу тариқа университет бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг иштирок этиш ҳуқуқини бузган.

Рақобат қўмитасининг хабарига кўра, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан эндиликда Урганч давлат университетига нисбатан («Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан) белгиланган тартибда иш қўзғатилган бўлиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича тегишли суд органига маълумотлар юборилган.

Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма ҳам берилган.

Киритилди: 11:04 18.09.2024. Ўқилди: 601 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!