“Урганч аэропорти” чегара божхона пости ходимлари хориждан учиб келган, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро М.С.ни божхона назоратидан ўтказишганда, оғзаки сўрови пайтида айтилмаган, декларацияланмаган, белгиланган меъёрдан ортиқча бўлган, қиймати 3,8 млн сўмлик 39,25 грамм тилла ва кумуш тақинчоқларни олиб киришга уринганлиги аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини шахсий эхтиёжлари учун божхона тўловларисиз олиб киришлари мумкин.
Яна бир ҳолатда эса фуқаро Ш.М “яшил” йўлак орқали оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва декларацияда кўрсатилмаган 1 дона учувчисиз учиш аппаратини юртимизга ноқонуний равишда олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди.
Вилоят божхона бошқармасининг “Шовот” чегара божхона пости ходимлари томонидан DAF ва МАN русумли юк автотранспорт воситасида кириб келган фуқаро Ч.Ш ва Р.Флар бошқарувидаги юк автотранспорт воситалари кўздан кечирилганида эса, юк автотранспорт воситаларининг кабинасидаги ҳайдовчи дам олиш жойида эски тўшак жилдининг ички қисмларига тикилган, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган узунлиги 100 метрдан ортиқ бўлган мато ва ёпинчиқлар мавжудлиги аниқланди.
Юк эгалари божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларни яширишнинг антиқа усулини ўйлаб топишган экан. Аммо уларнинг бу найранглари ўзларига панд берди.