United Airlines авиакомпанияси ўзининг баъзи ички рейсларида Starlink сунъий йўлдош интернетидан фойдаланишни вақтинча тўхтатиб қўйди, деб хабар беради PSMag.
Қайд этилишича, бунга Starlink терминаллари ва учувчиларнинг авиадиспетчерлар билан алоқасини таъминлайдиган борт антенналаридан бир вақтда фойдаланганда юзага келаётган статик халақитлар сабаб бўлмоқда.
Май ойида United Airlines реклама кампанияси доирасида Starlink‘дан бепул фойдаланишни таклиф қилишни бошлаганди. Ушбу хизматни тақдим этиш бошланган вақтида у тез ва барқарор ишлаган, компания бўлса 2025 йил охирига қадар ўзининг барча авиапаркини Starlink билан жиҳозлаш режасини маълум қилган.
Ҳозирда сервис тахминан 20 та Embraer E175 самолётларида тўхтатиб қўйилган.
Авиаташувчи муаммо ҳаво кемасининг коммуникация ускуналари ва Starlink терминалларини параллел равишда фойдаланишда юзага келаётган халақитлар билан боғлиқлигини тасдиқлаган. Компания ушбу носозлик парвозлар хавфсизлиги учун таҳдид уйғотмаслигини қайд этди.
«Яқин вақт ичида ушбу ҳаво кемаларида сервис тикланишини кутяпмиз», — дейилади United Airlines хабарида.