Ака-ука Аркадий ва Игор Ротенберглар, Олег Дерипаска, Евгений Гинер мулки Украина бюджетига ўтказилади.
11 июль куни Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) бир қанча россиялик олигархларнинг мол-мулки миллийлаштирилганини эълон қилди.
Коррупцияга қарши кураш бўйича Олий суд бир қатор тижорат тузилмалари ва уларнинг эгаларига нисбатан жазо чораларини қўллаш бўйича қарорлар қабул қилди. Кремлга яқин бўлган бир қанча россиялик олигархларнинг миллиардлаб гривнага тенг активлари Украина давлат бюджетига ўтказилади.
«ДТБ ходимлари Россия мулкдорлари билан боғлиқ бўлган ўнлаб компанияларни фош қилдилар, уларнинг фаолияти «санкциялар тўғрисида»ги Украина қонунининг 4-моддаси биринчи қисми 11-бандига тааллуқлидир. Ушбу тижорат тузилмаларининг якуний фойда олувчилари орасида Путинга яқин россиялик олигархлар ҳам бор. Хусусан, ака-ука Аркадий ва Игор Ротенберглар, Олег Дерипаска, Евгений Гинер», деб ёзди бюро.
Қайд қилинишича, Олег Дерипаскага тегишли 272 млн долларлик заводлар, Ротенбергларга тегишли 350 млн долларлик савдо маркази, шунингдек, Гинерга тегишли инвестиция банки (унинг қиймати хабарда келтирилмаган) мусодара этилади.
Шу билан бирга, Гинерга тегишли ўнлаб компаниялардаги 55 млн долларга яқин қийматга эга улуш ҳам ҳибсга олинади.
«Украина иқтисодиётининг бошқа муҳим стратегик тармоқларида россияликларнинг устав капитали ва мулкининг турли улушлари ҳам миллийлаштирилди. Юзлаб ишлаб чиқариш бинолари, ускуналар, омборлар давлат ҳисобига ўтказилди», дейилади хабарда.