Украина Россиянинг Днепр шаҳрига қитъалараро баллистик ракета ёрдамида зарба беришига Ғарбнинг муносабатини кутмоқда. Бу воқеа Совуқ Урушдан бери бундай қуролларнинг жангларда мисли кўрилмаган қўлланилишини кўрсатиши мумкин.
Бу ҳақда Украина ОАВлари хабар бермоқда.
Bloomberg таъкидлашича, агар бу зарба тасдиқланса, бу Совуқ уруш бошида ушбу турдаги қурол ишлаб чиқилганидан бери ИСБМларнинг жангларда биринчи қўлланилиши бўлади.
"5000 км дан ортиқ масофага учадиган ва ядровий қурол етказиб беришга мўлжалланган қитъалараро баллистик ракетанинг учирилиши Москва ҳужумларининг сезиларли даражада кучайишини билдиради. Бу шунингдек, Киевнинг иттифоқчиларига кучли сигнал беради, айниқса Украина узоқ масофали ракетани АҚШ ва Британия ракеталари Россиядаги нишонларга қарши қўллаганидан кейин" - дейилади хабарда.
Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, 2024 йил 21 ноябрь куни эрталаб соат 05:00 дан 07:00 гача рус қўшинлари Днепрга бир қатор ҳужумлар уюштирган. Ҳужумларда қитъалараро баллистик ракета, Х-47М2 Кинжал аэробаллистик ракетаси ва еттита Х-101 қанотли ракетаси ишлатилган.
Ҳужум натижасида икки киши жабрланган, ногиронлар реабилитация маркази биноси ва саноат корхонаси зарар кўрган. Украина томони бундай қуроллардан фойдаланиш нафақат Украина, балки халқаро хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид эканлигини таъкидламоқда.