Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) маълум қилишича, 27-28 июн кечаси украин дронлари Россия аннексия қилган Қримда жойлашган «Кировское» ҳарбий аэродромига ҳужум уюштирган.
Маълумотга кўра, ҳужум натижасида авиация техникалари, ҳаво мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар омборлари, разведка ва зарба дронлари жойлашган ҳудудлар нишонга олинган.
СБУ баёнотида айтилишича, ҳужум пайтида учта ҳарбий вертолёт — Ми-8, Ми-26 ва Ми-28 ҳамда «Панцирь-С1» зенит-ракетали тизими йўқ қилинган. Тун давомида аэродромда қайта портлашлар содир бўлган.
Баёнотда таъкидланишича, украин махсус хизмати «Россиянинг Украина ҳудудига авиация зарбалари бериш салоҳиятини системали равишда сусайтириш устида иш олиб бормоқда».
«Окупация қилувчилар яхши тушуниб олишлари керак: уларнинг қимматбаҳо техникаси ва ўқ-дорилари ҳеч қаерда — на фронт чизиғида, на босиб олинган ҳудудларда, на чуқур орқа фронтда — ҳимояланган эмас», — дейилади СБУ хабарномасида.
Россия томонидан ҳозирча ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.
Аввалроқ Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга доимий зарбалар бериш учун ўн минглаб узоқ масофали дронлар харид қилиниши бўйича янги шартномалар тайёрланаётганини маълум қилган эди. Унга кўра, қарор тахминан икки ҳафта аввал қабул қилинган ва амалиётлар тасдиқланган график асосида олиб борилмоқда.
«Украина ўтган йили ишлаб чиқилган стратегиянинг кейинги босқичига ўтмоқда», — деди Умеров. «Бу душманнинг танқидий инфратузилмасига узоқ муддатли чуқур зарбалар кампаниясидир. Барча етказиб беришлар жадвал бўйича кетмоқда, зарбалар эса ҳар куни бериляпти». Вазир таъкидлашича, ҳужумлар фақат ҳарбий объектларга қаратилади.