Айниқса, Тутанхамоннинг дафн хонасидан ажралиб чиқадиган, тахминан икки метр кенгликдаги эҳтимолий йўлак қизиқиш уйғотган. Геофизик Жорж Балларднинг тахминига кўра, йўлак хароба ва тош бўлаклари билан тўлган бўлиши мумкин. Шу сабабли аввалги тадқиқотларда уни аниқлаш қийин бўлган.
Яна бир сирли топилма «7-аномалия» деб аталган. Ўлчовлар зичлиги паст бўлган ҳудуд мавжудлигини кўрсатган. Унинг ичида зичлиги юқорироқ, деярли квадрат шаклидаги объект аниқланган. Баллард бу ерда дафн буюмлари жойлашган хона бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Бироқ олимлар ҳозирча яширин хоналар мавжудлигини тасдиқловчи аниқ далиллар йўқлигини таъкидламоқда. Олинган натижалар қўлланилган усулнинг имкониятлари чегарасида бўлгани учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.
Янги натижалар британлик мисршунос Николас Ривзнинг 2015 йилдан бери илгари суриб келаётган гипотезасини яна кун тартибига олиб чиқди. Унинг тахминига кўра, Тутанхамон қабри ортида малика Нефертити билан боғлиқ каттароқ дафн мажмуаси бўлиши мумкин.
Нефертитининг қабри ҳанузгача топилмаган. Шу боис янги ўлчовлар уни излашда муҳим ишора бўлиши мумкин, аммо бу ҳозирча фақат гипотеза бўлиб қолмоқда.