Жорий йил 28 март куни Қорақалпоғистон Тўрткўл туманида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Миллий ва ҳудудий кенгашларнинг аъзолари, сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, фаоллар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мажлис кун тартиби доирасида Қорақалпоғистон Республикасида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди.
Жорий йил 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Ш.Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд вазиятни ва устувор йўналишларни тушунтириб берган эди.
Шу кундан эътиборан бу борадаги ишлар белгилаб берилган йўналиш ва вазифаларга мос равишда қайта кўриб чиқилди ҳамда фаоллаштирилди.
Барча соҳа вакиллари ва масъуллар олдига қўйилган вазифа ва талаблар доирасида асосий эътибор ҳудудларга қаратилгани бежиз эмас.
Шундан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси ҳам айнан Тўрткўл туманида ўтказилди.
Мажлисда парламент палаталарининг масъул қўмиталари раислари бошчилигида алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича жойлардаги реал ҳолатни ўрганиш борасида ишлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганиш натижалари бўйича мутасаддиларнинг тегишли ахборотлари эшитилди.
Ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва коррупцияга қарши курашишда ички ишлар, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими тизимларида кўплаб масалалар эътибордан четда қолаётгани қайд этилди.
Соҳаларга масъул бўлган раҳбарлар томонидан қайд этилган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тўрткўл туманини “коррупциядан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси амалга оширилиши белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш билан биргаликда мазкур лойиҳа доирасида барча мутасадди вазирлик, идоралар фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаши қайд этилди.
Муҳокама якуни бўйича масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юкланди.