Бугун 17 ноябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Туркманистон Президенти “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Туркманистон Президенти “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Туркманистон Президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ютуқларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.

– Сиз отангиз, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатингизда халқ фаровонлигини таъминлаш учун ишончли пойдевор яратаётган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда Туркманистонда “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” ҳамда мамлакат Бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар ўтказилмоқда.

Сердар Бердимуҳамедовнинг кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси мамнуният билан қайд этилди. Бу, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳар томонлама ривож топаётганидир. Улкан лойиҳа – “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси ишга туширилди. Энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда.

Мазкур мукофот мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айланиши қайд этилди. Ўз навбатида, Туркманистон Президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқига юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини таъкидлади.

Киритилди: Бугун 13:42. Ўқилди: 351 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!