Туркиянинг Бодрум шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 ёшли M.С. уйига кетиш учун минган автомобилда икки эркакнинг жинсий тажовузига учради. Бу ҳақда бугун, 19 март куни “Sözcü” хабар берди.
Қайд этилишича, 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси M.С. Муғла вилоятининг Бодрум туманидаги Яликавак маҳалласи Гўкчебел ҳудудида йўл четида йўналишли такси кутиб турган бўлган. Ёнига тўхтаган автомобилдагилар уни борадиган жойига олиб бориб қўйишини айтгач, машинага чиққан. Бироқ автомобиль унинг Туркбуку маҳалласидаги уйига эмас, қурилиш майдонига қараб ҳаракатланган.
M.С.нинг айтишича, машинадагилар уни қурилиш жойига олиб бориб, ўлим билан таҳдид қилган ва зўрлаган. Зўравонлик пайтида эркаклардан бири видеога олган ва шикоят қилса, тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан таҳдид қилган. Воқеадан сўнг жиноятчилар M.С.нинг сумкаси, телефони ва пулини олиб қочиб кетган. Қурилиш майдонидан чиқишга муваффақ бўлган M.С. яқин атрофдаги бир уйга бориб ёрдам сўраган. Ҳодиса ҳақида хабар берилгач, воқеа жойга келган тез ёрдам хизмати ходимлари уни Бодрум давлат шифохонасига олиб борган. Полиция эса воқеани содир этганларни топиш учун кузатув камераларини текширишни бошлаган ва тергов ишларини бошлаган. Бодрум Аёллар бирдамлик платформаси воқеа юзасидан баёнот берган.
“Бу ҳужум бевосита барча аёлларга қилинган ҳужумдир. Айбдорлар зудлик билан қўлга олиниши ва энг оғир жазога тортилиши керак. Биз охиригача кузатиб борамиз”, дейилади баёнотда.