Туркия Марказий банки асосий ставкани 46 фоизга кўтарди, ваҳоланки таҳлилчилар унинг 42,5 фоиз даражасида қолишини кутишганди. Бу ҳақда тартибга солувчи орган сайтида маълум қилинди.
Март ойида инфляция 38,1 фоизгача пасайганига қарамай, бундай қадамнинг асосий сабаблари глобал иқтисодий беқарорлик ва молия бозорларидаги сўнгги тебранишлар эканлиги таъкидланди. Эҳтимол, бу ерда АҚШ президенти Доналд Трампнинг жаҳон иқтисодиётига босимни кучайтираётган савдо сиёсати назарда тутилмоқда.
2024 йил март ойида Туркияда асосий ставка 50 фоизга етганди, шундан сўнг унинг аста-секин пасайиши бошланганди. Ўтган ойда Марказий банк раҳбари Фотиҳ Қорахон қатъий пул-кредит сиёсати инфляциянинг барқарор секинлашиши ва нархлар барқарорлигига эришилгунга қадар давом этишини таъкидлаганди.