2026 йил 19 июнь куни Қирғиз Республикасида Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл халқаро форумининг 40 йиллигига бағишланган тадбир доирасида ялпи мажлислар давом этди. Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова ялпи мажлислардан бирида маъруза билан иштирок этди.
Профессор Актоти Раимқулова ўз нутқида Иссиқкўл форуми Евроосиё минтақасидаги энг нуфузли интеллектуал майдонлардан бири эканлигини, у давлат арбоблари, олимлар, дипломатлар, маданият намояндалари ҳамда халқаро экспертларни замонамизнинг энг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун бирлаштириб келаётганини таъкидлади.
Жамғарма президенти жорий йилги форум буюк қирғиз ёзувчиси, мутафаккири ва инсонпарвари Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигига бағишлангани алоҳида рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Чингиз Айтматов мероси нафақат Қирғизистон ва туркий дунёнинг, балки бутун инсониятнинг умумий маънавий бойлигидир. Унинг асарларида акс этган инсон қадр-қиммати, Ватанга муҳаббат, тарихий хотирага садоқат ҳамда келажак авлодлар олдидаги масъулият каби қадриятлар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Актоти Раимқулова ўз чиқиши давомида Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берди. Хусусан, туркий халқларнинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, тарғиб этиш ва келажак авлодларга етказишга қаратилган ташаббуслар, шунингдек, рақамлаштириш, инновациялар, илм-фан ва таълим соҳаларидаги лойиҳалар алоҳида эътироф этилди. Ушбу лойиҳалар замонавий глобал чақириқлар шароитида туркий дунёда гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Форум ўз ишини 21 июнга қадар давом эттиради.