Яқин Шарқ Ташқи ишлар кенгаши аъзоси Умар Раҳмоннинг фикрича, президент Трампнинг минтақага ташрифи Исроилнинг Ғазога қарши уруши ва АҚШнинг энг содиқ иттифоқчиси билан муносабатлари хусусида кўплаб саволларни келтириб чиқарди.
АҚШ Исроилнинг иштирокисиз Эрон, ҲАМАС ва Ямандаги ҳусийлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бораётган бир пайтда, кўплаб кузатувчилар Нетаняху бошчилигидаги ҳукуматнинг ҳозирги кунда Трамп маъмурияти билан муносабатлари қай аҳволда эканлигини билишни истаяпти.
"Трамп Фаластин давлатини тан олиши мумкинлиги ҳақида кўп гап-сўзлар юрибди. Шубҳасиз, бу улкан ютуқ, жуда катта ўзгариш бўларди," дея таъкидлади Раҳмон Al Jazeera телеканалига.
"Ҳозирги пайтда Ғазода геноцид содир бўлмоқда ва бу дарҳол тўхтатилиши лозим. Шу боис, менимча, Форс кўрфази етакчилари Трампга босим ўтказишади, у эса ўз навбатида Нетаняхуга таъсир ўтказиб, бу ҳолатга барҳам беришга мажбур қилади."
Раҳмон айтишича, Трампнинг сафаридан олдин у ва Нетаняху ўртасида Яқин Шарқдаги вазият бўйича келишмовчилик борлиги ҳақида кўплаб "ишоралар" бўлган.
"Бу ерда муаммолар мавжудлигига ишониш учун ҳақиқий асослар бор. Биз сўнгги ҳафталарда Трампнинг исроилликлар учун муаммоли бўлиши мумкин бўлган бир қатор қарорлар қабул қилганини кўрдик... Бу каби масалалар Нетаняхунинг ғашини келтирмоқда."