АҚШ президенти Дональд Трамп Украинага «Tomahawk» ракеталарини етказиб бериш имкониятини «аслида кўриб чиқмаётганини» билдирди.
Бу ҳақда Трамп журналистлар саволларига берган жавобида маълум қилган.
«Менинг бу борадаги позициям ўзгариши мумкин, лекин ҳозирча – йўқ», – деган у.
Трамп илк бор Украинага «Tomahawk» ракеталарини бериш эҳтимоли ҳақида октябрь ойи бошида гапирган эди. Кутилганидек, у бу ҳақда 17 октябрда Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлган учрашувда расман эълон қилмади. Ўшанда Трамп бу ракеталар «аввало АҚШнинг ўзига керак»лигини айтган.
CNN телеканали 31 октябрда манбаларига таяниб хабар беришича, Пентагон АҚШда етарлича «Tomahawk» захираси борлигини, ва уларни Украинага бериш мамлакатнинг ўз мудофаа салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмаслигини маълум қилган. Телеканал маълумотларига кўра, бу хулоса Трамп билан Зеленский учрашувидан аввалроқ маълум бўлган.
Шу тариқа Пентагон Украинага узоқ масофали «Tomahawk» ракеталарини юборишни маъқуллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Украина президенти Владимир Зеленский Трампдан «Tomahawk» ракеталарини беришни сўраб келмоқда – бу Путинга жиддий зарба бўлиши мумкин.
Ушбу ракеталарнинг парвози 1 500 милдан (2400 км) ортиқ бўлиб, улар орқали Украина Россия ҳудудидаги муҳим ҳарбий, логистик ва энергетик объектларни нишонга олиши мумкин. Бу Россиянинг босқинни давом эттириш имкониятларини жиддий чеклаши эҳтимолдан холи эмас.
АҚШнинг ҳозирда мингдан ортиқ шундай ракеталарга эга эканлиги айтилади.