Агентликнинг хабар беришича, АҚШ президентининг Россия ва Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог яқин кунларда Беларусга ташриф буюриб, Александр Лукашенко билан музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.
Reuters манбаларининг сўзларига кўра, Келлог бу ташрифни Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги пайтларда боши берк кўчага кириб қолган тинчлик музокараларини қайта тиклаш учун потенциал имконият сифатида кўрмоқда.
Ташриф расман ҳали тасдиқланмаган, унинг кун тартиби ҳам номаълум. Агентлик таъкидлашича, бундай ташрифларни режалаштириш пухта тайёргарликни талаб қилади, шунинг учун Келлоггнинг Беларусга сафари сўнгги дақиқада ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Агар бу ташриф амалга ошса, Кит Келлог сўнгги йилларда Беларусга борган юқори мартабали АҚШ расмийси бўлади. 2020 йил феврал ойида, Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларусга ташриф буюрган эди. Бу 1993 йилдан бери АҚШ Давлат департаменти раҳбарининг Минскка биринчи ташрифи бўлган.