Forbes ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трампнинг соф бойлиги 2024 йилги президентлик сайловида ғалаба қозонганидан бери 2,7 миллиард долларга ошиб, 7,3 миллиард долларга етган.
Нашр Трамп бойлигининг ўсишида криптовалюта лойиҳалари ва умумий қиймати тахминан 2,4 миллиард доллар бўлган ликвид активлар асосий манба бўлганини қайд этган. Хусусан, Трамп 709 миллион долларлик мем-токенлар ва 338 миллион долларлик World Liberty Financial токенларига эга. Унинг стейблкойн бизнеси эса 233 миллион долларга баҳоланган.
Трамп АҚШда 10 та гольф майдони, Mar-a-Lago клуби, Trump National Doral Miami гольф курорти ва Европадаги учта кўчмас мулкка эга. Forbes уларнинг умумий қийматини 1,8 миллиард доллар деб баҳолаган. Шунингдек, Трамп кўчмас мулкка 1,1 миллиард доллар сармоя киритган. Унинг асосий активлари орасида Нью-Йорк ва Сан-Францискодаги икки офис мажмуасидаги улушлар, Trump Tower ва Trump Park Avenue бинолари бор.
Трамп, шунингдек, Truth Social ижтимоий тармоғи эгаси бўлган Trump Media and Technology Group компаниясида 1 миллиард долларлик улушга эга. Forbes маълумотларига кўра, компания 2024 йилда 3,7 миллион доллар даромад олган, бироқ 712 миллион доллар зарар кўрган.
Оқ уй раҳбарининг бошқа активлари тахминан 700 миллион долларга баҳоланади. Улар қаторига бошқарув бизнеси, вертолёт ва самолёт, фарзандларига берилган 5 миллион долларлик кредитлар ҳамда 2 миллион долларлик пенсия жамғармалари киради.
Шу билан бирга, Forbes маълумотларига кўра, Трампнинг соф бойлиги сўнгги бир йилда 300 миллион долларга камайган. Бундан ташқари, у суд ишлари бўйича 94 миллион доллар тўлаши керак.