АҚШ президенти Дональд Трамп Японияни Америка гуручини харид қилмаётганликда айблаб, Токиони ўн йилликлар давомида АҚШ иқтисодиётини «талон-торож қилиш» орқали «эркалатилган» давлат деб атади.
«Биз Япония билан келишув тузамизми, йўқми — ишончим йўқ», — деди у журналистларга. «Улар шундай эркалатилганки, келишувга бориш улар учун қийин», — дея қўшимча қилди Трамп.
Унинг таъкидлашича, Япония гуручга «жуда муҳтож», бироқ Америка гуручини «олмаяпти», ҳамда сўнгги ўн йилда бирорта ҳам АҚШ автомобилини харид қилмаган.
Бироқ CNN телеканали Трампнинг айбловлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этмоқда: АҚШ Маҳсулотлар статистикаси бюроси маълумотига кўра, 2024 йили Япония АҚШдан 298 миллион долларлик гуруч, 2025 йилнинг январ–апрель ойларида эса 114 миллион долларлик гуруч импорт қилган. Шунингдек, Япония Автомобиль импортчилари уюшмасига кўра, 2024 йили Япония 16 707 та АҚШ автомобилини олиб кирган.
Трамп 2 апрелда жорий этган ўзаро тарифларга 90 кунлик танаффус 9 июлда якунланиши арафасида Япония АҚШ билан савдо келишувига эришишга интилмоқда. Бироқ музокаралар тўхтаб қолган, айниқса япон автомобилларига 25% бож юклатилиши масаласида келишувга эришилмаган.
Трамп танаффусни узайтиришни режалаштирмаётганини тасдиқлади: «Мен ҳеч қандай танаффус ҳақида ўйлаётганим йўқ», — деди у ва Япония учун 30%, 35% ёки бошқа рақамларда янги тарифлар жорий этилишидан огоҳлантирди.
Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котибининг ўринбосари Кадзухико Аоки чоршанба куни билдиришича, Токио Трампнинг баёнотларидан хабардор, аммо ўзаро манфаатли келишувга эришиш учун «самимий ва очиқ музокаралар»ни давом эттиради.
Жорий йил июнь ойидаги G7 саммитида Япония бош вазири Шигэру Исиба ва Трамп ўртасидаги учрашув жиддий илдамлашувга олиб келмади, гарчи томонлар музокараларни давом эттириш ниятини билдиришган бўлса-да.