АҚШ президенти Дональд Трамп Украина шимоли-шарқидаги Сум шаҳри яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши юзасидан баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, у бу ҳудуддаги вазиятни «диққат билан кузатмоқда».
The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Россия Сум вилоятида 50 мингга яқин ҳарбийни жамлаган — бу 2022 йилдаги бошланғич ҳужумда иштирок этган контингентнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Қўшинлар Сумдан 20 км масофада жойлашган.
Трамп эҳтимолий ҳужум ҳақида шундай деди: «Кўрамиз, нима бўлишини. Мен диққат билан кузатяпман».
Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский эса аввалроқ Сум вилоятидаги россияликлар ҳужуми тўхтатилганини ва фронт чизиғи барқарорлашганини маълум қилган эди.
Шу билан бирга, Россия чегарабўйи ҳудудлардаги қишлоқларни эгаллаб, аҳолини эвакуация қилишга мажбур қилмоқда. Урушдан олдин 255 минг аҳоли яшаган Сум шаҳри янги жанглар ўчоғига айланиш хавфи остонасида турибди.