Трамп ўз маслаҳатчилари билан Эронга қарши амалиёт якунланганини эълон қилиш имкониятини ёпиқ тарзда муҳокама қилмоқда — The Wall Street Journal.
Нашрнинг америкалик мулозимларга таяниб хабар беришича, Оқ уй раҳбари бу ғояга тобора кўпроқ мойиллик билдирмоқда. Президентнинг ёрдамчилари эса Трампни Эрон билан урушнинг сўнгги жавоб зарбалари вазиятнинг ўта кескинлашишига олиб келиши ва ноябр ойида бўлиб ўтадиган Конгресс учун оралиқ сайловларда республикачиларнинг имкониятларини хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ президенти иқтисодий босим остида Эрон раҳбарияти ё ядровий дастурини тугатишига, ёки қулашига ишонмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Трамп Эронни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш умидида иқтисодий босим кампаниясини олиб бормоқда, бироқ Теҳрон чекинишнинг ҳеч қандай белгисини кўрсатмаяпти. АҚШ ва Эрон қўшинлари ўртасида ўзаро зарбалар алмашинуви давом этмоқда.