АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украинада деярли уч йилдан бери давом этаётган урушни тугатишга қатъий аҳд қилганини, унинг бўлажак миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц CBS телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
"Трамп аниқ-равшан айтмоқда: бу уруш тугаши керак. Биласизми, бу можаро якунланиши лозим ва президент Трамп буни жуда аниқ тушунтирди ҳамда бунга эришиш ниятида. Ҳамма Украинадаги урушни тўхтатишга рози бўлиши керак ва (Украина президенти Владимир) Зеленский ҳам бу нуқтаи назарни қўллаб-қувватламоқда," - деди маслаҳатчи.
Майк Уолц келишувнинг учта асосий жиҳатини таъкидлаб ўтди: музокаралар иштирокчилари таркиби, уларни ташкил этиш ва келишув доираси.
"Биринчидан, музокаралар столига кимларни таклиф этамиз? Иккинчидан, уларни қандай қилиб стол атрофига ўтқазамиз? Ва учинчидан, келишув доираси қандай бўлади?" - деди у.
Маслаҳатчи, шунингдек, Украинадаги уруш "қирғинбарот" эканлигини ва "Учинчи жаҳон урушини келтириб чиқариши" мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.