Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ЙТҲ 19 январ куни соат 1:45 да содир бўлган. Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинаси ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган.
Аммо ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор эса ҳодиса жойида вафот этган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Kia Sonet’ни 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлганлиги аниқланган. Машина яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, йўл ҳаракати қоидаларини билмайдиган Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси йўлда бошқа фуқарони уриб юбориши ҳам мумкин эди. Афсуски, ватан олдидаги бурчига садоқат кўрсатиб хизмат қилаётган ЙПХ инспектори тўхташ ишорасини берган вақтида қоидабузарлик қурбони бўлди. Кейинги вақтларда катталар томонидан вояга етмаган болаларга машина бошқарувини бериш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу эса аянчли оқибатларга олиб келиши муқаррар. Шунинг учун, ота-оналар фарзандларининг, қолаверса, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлиги учун бундай хатони қилмасликларини сўраб қоламиз”, дейди ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов.
Инспектор Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, 2 фарзанднинг отаси бўлган. У ички ишлар органлари тизимида 2017 йилдан буён ишлаб келган.