Доналд Трамп ўзининг “Art of Deal " ёндашувини қайта тиклашга интилмоқда ва дунёда тинчлик ўрнатишни мақсад қилган, деб ёзади Politico Республикачилар жамоаси расмийларига таяниб. Бироқ, нашрнинг қайд этишича, Трампнинг Россия ва Украина, Исроил ва Фаластинни яраштириш ташаббусларига урушаётган томонлар жавоб топиши эҳтимоли жуда кичик. Мана, Трампнинг ваъдаларини бажаришни анча қийинлаштирган глобал саҳнадаги учта асосий ўзгариш.
Россия Украинадаги урушни кучайтирмоқда
Трампнинг Украинадаги урушни «24 соат ичида» тугатиш ҳақидаги ваъдаси ҳам Киев, ҳам Москва томонидан жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Украина томони ҳудудий имтиёзлар орқали тинчликка қарши. Умуман олганда, Россия Трампнинг ёндашувидан мамнун, бироқ Москва нафақат Россия армияси сўнгги 2,5 йиллик уруш давомида босиб олишга муваффақ бўлган ҳудудларни, балки уларнинг маъмурий чегараларидаги бутун Донецк ва Луганск вилоятларини ҳам ўзи учун савдолашмоқчи. Трампнинг олдинги позициясига қарамай, республикачиларнинг Украина тарафдорлари ҳамон кучли, масалан, сенатор Марко Рубио Россияга ҳар қандай эрта имтиёзларга тўсқинлик қилиши мумкин, дея қайд этади Politico.
Исроил имтиёзларга қарши ва Ғазони аннекция қилмоқчи
Washington Post газетасининг ёзишича, Трамп октабр ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг Ғазо ва Ливандаги ҳарбий режаларини қўллаб-қувватлашини билдирган. Бироқ Нетаняхунинг Ғарбий Соҳилни аннекция қилишга бўлган интилиши можарони чўзиши, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашувини кечиктириши ва минтақавий беқарорликни кучайтириши мумкин.
Нетаняху 2019 йилда Иордания водийсини (Ўлик денгиз бўйлаб Ғарбий Соҳилнинг бир қисми) аннекция қилиш режасини эълон қилганида Трамп маъмурияти кўз юмишни танлади. Трамп АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирди ва босиб олинган Голан тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олди (БМТ ва бутун халқаро ҳамжамият қаршиликларига қарамай).
Бу сафар Трамп ҳам аралашиб, Исроилнинг Ғарбий Соҳилни аннекция қилишини тўхтата олмайди.
Эроннинг ядровий дастури ривожланишда давом этмоқда
Трамп ядровий келишувдан чиққан 2018 йилга қараганда, Эрон энди ядровий қурол яратишга анча яқинроқ. Санкцияларни қайта тиклаш режаларига қарамай, Теҳроннинг Исроилнинг сўнгги ҳужумлари туфайли кучайган ядровий қуролга интилиши Трампга Эрон амбицияларига таъсир қилиш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин.