Трамп маъмурияти федерал агентлар томонидан АҚШ фуқаросининг ўлдирилиш ҳолатини ўрганмоқда — The Wall Street Journal
"Биз вазиятни ўрганяпмиз, ҳаммасини аниқлаймиз ва хулосага келамиз", — деди АҚШ президенти Wall Street Journal'га берган интервьюсида.
Доналд Трамп бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) томонидан 37 ёшли Алекс Преттининг ўлдирилишидан бир неча кун ўтиб маълум қилди.
Президентнинг айтишича, иммиграция хизмати ходимлари Миннеаполисдан олиб чиқилиши мумкин. Бироқ штатда ICE агентларининг бир гуруҳи қолдирилади ва улар “молиявий фирибгарликларни аниқлаш” билан шуғулланади.
Шу билан бирга, Трамп Миннеаполис губернатори Тим Уолцдан "нафрат оловини ёқмасликни" ва штат қамоқхонасида сақланаётган барча ноқонуний муҳожирларни зудлик билан депортация қилиш учун федерал ҳукуматга топширишни талаб қилди.
24 январ куни АҚШ федерал агентлари Миннеаполисда Алекс Жеффри Преттини отиб ўлдирди. Аввалига расмийлар агентлар тўппонча билан қуролланган Преттини қуролсизлантирмоқчи бўлганида қаршилик кўрсатганидан сўнг ўзини ҳимоя қилиш мақсадида фуқарога ўт очганини маълум қилганди. Гувоҳлар, маҳаллий расмийлар ва жабрланувчининг оиласи бунга эътироз билдириб, воқеа содир бўлган пайтда унинг қўлида қурол эмас, телефон бўлганини таъкидламоқда.
Январ ойида ICE агенти АҚШ фуқароси ва уч фарзанднинг онаси 37 ёшли Рене Никол Гудни отиб ташлаганди.