АҚШ президенти чоршанба куни кечқурун Вашингтон Теҳрон билан можарони дипломатик йўл орқали ҳал қилиш имкониятига нисбатан оптимистик руҳда эканлигини тасдиқлади.
"Улар келишув тузишни хоҳлашмоқда. Охирги 24 соат ичида бизда жуда яхши музокаралар бўлди ва келишиб олишимиз эҳтимоли жуда юқори", — деди у Оқ уйнинг Овал кабинетда журналистларга.
Шу билан бирга, Трамп Эрон бошқа шартлар қаторида ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмасликка рози бўлганини таъкидлади. Бироқ Эрон томони буни ҳали тасдиқламади.
Оқ уй раҳбари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ёзган келишувга эришиш учун белгиланган 30 кунлик муддат мослашувчан бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Трамп ҳеч қандай муддатлар (дедлайнлар) мавжуд эмаслигини айтди.
Гарчи Трамп ва бошқа расмийлар улар муваффақиятли ўтаётганини мунтазам равишда таъкидлаб келаётган бўлсада, АҚШ маъмурияти музокаралар тафсилотларини деярли ошкор қилмаяпти.
Шу билан бирга, Оқ уй муаммони ҳал қилишда “куч ишлатиш варианти” ҳам истисно қилинмаслигига ишора қилишда давом этмоқда.