Дональд Трамп маъмурияти атом электр станциялари қурилишини жадаллаштириш ва 2050 йилга бориб уларнинг умумий қувватини ҳозирги кўрсаткичдан тўрт баробар ошириб, 400 ГВтга етказиш бўйича бир қатор фармонлар лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда The New York Times газетаси ҳужжат лойиҳаларига асосланиб хабар бермоқда.
"Ядровий уйғонишни қайта тиклаш" деб номланган фармонлардан бири хавфсизлик қоидаларини қайта кўриб чиқиш, NRC (Ядро тартибга солиш комиссияси) орқали тезлаштирилган лицензиялаш ва АҚШ Мудофаа вазирлигининг иштирокини ўз ичига олган "қатъий чоралар" кўришни талаб қилади. Асосий мақсад — энергияга, жумладан сунъий интеллект марказлари томонидан ортиб бораётган талабни қондириш ҳамда 2017 йилдан буён янги реакторларнинг 87 фоизини ўз ичига олган Хитой ва Россияга етиб олишдан иборат.