Бугун 14 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Трамп Американинг обрўсига путур этказди

Трамп Американинг обрўсига путур этказди

Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг АҚШнинг дунёдаги обрўси сезиларли даражада пасайди. Бу 2025-йилги "Демократияни идрок этиш индекси" (Democracy Perception Index, DPI) тадқиқотида ўз тасдиғини топди. Тадқиқот натижалари "Демократиялар альянси" жамғармаси томонидан 12 май куни эълон қилинди.

Олинган маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб АҚШга бўлган муносабат кўрсаткичи 2024 йилдаги +22 фоиздан 2025 йилда -5 фоизга тушди. Бу Хитой кўрсаткичидан (+14 фоиз) паст ва Россия кўрсаткичига (-9 фоиз) яқин натижа. АҚШ ижобий қабул қилинадиган мамлакатлар улуши шу даврда 76 фоиздан 45 фоизгача қисқарди.

НАТОнинг собиқ бош котиби ва "Демократиялар альянси" жамғармаси асосчиси Андерс Фог Расмуссен АҚШ обрўсининг кескин тушиб кетганидан ажабланмаганини айтди. Унинг таъкидлашича, "Президент Трамп савдо урушини бошлаб юборди, Овал кабинетда Украина президентини ҳақорат қилди, иттифоқчиларни ўзларини заиф ҳис қилишга, душманларни эса дадил бўлишга мажбур қилди," - дея унинг сўзларини Reuters келтиради.

Шу билан бирга, Хитой ўзининг глобал мавқеини яхшилаб, биринчи марта АҚШни ортда қолдирди ва Европадан ташқари аксарият минтақаларда асосан ижобий муносабатни қайд этди. 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқиндан кейин ёмонлашган Россиянинг обрўси ҳам бироз яхшиланди, гарчи мамлакат ҳали ҳам АҚШдан камроқ ижобий қабул қилинаётган бўлса-да.

Исроил, Жанубий Корея, Япония, Полша ва Украина каби АҚШ билан иттифоқдош мамлакатларда Вашингтон барибир Пекиндан устун қўйилмоқда. Бироқ, бир қатор Европа мамлакатларида Хитойни идрок этиш АҚШга қараганда ижобийроқ бўлиб чиқди, бу Осиё ва Лотин Америкасининг аксарият мамлакатларига ҳам тегишли.

Сўров шуни кўрсатдики, Доналд Трамп россиялик ва хитойлик ҳамкасблари Владимир Путин ва Си Сзинпинга қараганда дунёда камроқ машҳурликка эга. Дунёнинг 82 фоиз мамлакатида Трампга муносабат салбий, бу Путин (61 фоиз) ва Си (44 фоиз) кўрсаткичларидан анча ёмон.

"Демократияни идрок этиш индекси" тадқиқоти "Nira Data" тадқиқот компанияси томонидан 2025 йил 9 апрелдан 23 апрелгача ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига асосланган. Сўровномада дунёнинг 100 мамлакатидан 111 мингдан ортиқ респондент иштирок этди. Тадқиқот натижалари 13-14 май кунлари бўлиб ўтадиган Копенгаген демократия саммити олдидан эълон қилинди.

Киритилди: 09:53 13.05.2025. Ўқилди: 370 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!